Абу-Даби музокаралари ва Европанинг сиёсий танлови
Абу-Дабида Россия, Украина ва АҚШ вакиллари ўртасида ўтказилган музокаралар урушни тугатишга қаратилган жиддий келишув билан якунланмади. 10-11 ноябрь кунлари бўлиб ўтган учрашувлардан кейин томонлар ҳудудий масалалар ва хавфсизлик кафолатлари бўйича ҳамон кескин фарқли позицияларда қолаётгани маълум бўлди. Гуманитар йўналишда эса янги йирик асирлар алмашинуви бўйича принципиал келишувга эришилди. АҚШ вакили Жаред Кушнер бу алмашинув уруш давридаги энг йирик жараёнлардан бири бўлиши, минглаб одамларнинг оилаларига қайтишига имкон яратиши мумкинлигини билдирди.
Учрашувнинг асосий сиёсий натижаси музокараларни Европа давлатлари иштирокида кенгайтириш имконияти пайдо бўлгани бўлди. Бу масала тасодифан кун тартибига чиқмади. Чунки Украинадаги урушни тугатиш бўйича ҳар қандай келишувнинг тақдири амалда Европа хавфсизлиги ва унинг институционал кафолатлари билан бевосита боғлиқ. Россия, Украина ва АҚШ ўртасидаги келишув Европа давлатларининг манфаатлари ва хавфсизлик ташвишларини ҳисобга олмаса, унинг узоқ муддатли самарадорлиги шубҳа остида қолади.
10 ноябрь куни Абу-Дабида Европа Иттифоқи, Франция, Германия, Италия, Буюк Британия, Украина, АҚШ ва НАТО вакиллари алоҳида мувофиқлаштирувчи учрашув ўтказди. Унда Украина учун ишончли хавфсизлик кафолатлари, урушдан кейинги Европа хавфсизлик архитектураси ва ҳарбий кескинликнинг қайта авж олишини чеклаш механизмлари муҳокама қилинди. Европа томони ҳар қандай келишув Украина суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқини ҳурмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Бироқ Европа давлатларининг музокаралардаги мақоми масаласи ҳали тўлиқ ҳал қилингани йўқ. 12 ноябрь куни АҚШ вакиллари Владимир Путин келгуси музокараларда Европа давлатлари иштирок этишига розилик билдирганини маълум қилди. Аммо эртаси куни Кремль вакили Дмитрий Песков Москва бундай иштирок бўйича ҳали якуний қарор қабул қилмаганини билдирди. Унинг таъкидлашича, аввал Европа давлатларининг тинчлик жараёнига ҳақиқий ҳисса қўшишга тайёрлиги аниқланиши лозим. Бу ҳолат Вашингтоннинг дипломатик ташаббуси билан Москва позицияси ўртасида ҳали ҳам жиддий фарқлар мавжудлигини кўрсатади.
Европанинг музокараларга қўшилиши икки хил сценарийни юзага келтириши мумкин. Биринчи сценарийда Европа давлатлари аввалги позициясини сақлаб, тинчлик шартларини муҳокама қилишдан олдин ўт очишни тўхтатишни талаб қилади. Бундай ёндашув Киевнинг ҳозирги дипломатик позициясига яқин. Украина учун дастлабки ўт очишни тўхтатиш, кейин эса хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқиш Россиянинг ҳарбий босим орқали янги ҳудудий ютуқларга эришиш имкониятини чеклаш воситаси ҳисобланади. Бироқ Москва воқеаларнинг бундай ривожига рози эмас. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва бошқа расмийлар Украинадаги можаронинг алоҳида масалаларини муҳокама қилишдан олдин Европа хавфсизлигининг кенгроқ архитектурасини кўриб чиқиш зарурлигини билдиришда давом этмоқда.
Иккинчи сценарий Европа давлатларининг Россия билан хавфсизлик масалаларини бевосита муҳокама қилишга тайёрлиги билан боғлиқ. Бунда музокаралар фақат Украина ҳудудлари ёки ўт очишни тўхтатиш масаласи билан чекланмайди. НАТОнинг шарқий қанотидаги ҳарбий вазият, Россия ва Ғарб ўртасидаги кучлар мувозанати, хавфсизлик кафолатлари ва келгусида ҳарбий тўқнашувларнинг олдини олиш механизмлари ҳам кун тартибига чиқиши мумкин. Москва учун бундай ёндашув урушни кенгроқ геосиёсий келишув доирасида ҳал қилиш имкониятини беради. Европа учун эса бу Россиянинг хавфсизлик талабларини муҳокама қилиш билан бирга ўз манфаатларини ҳам ҳимоя қилиш заруратини юзага келтиради.
Айнан шу нуқтада асосий сиёсий зиддият намоён бўлади. Москва ўт очишни тўхтатишдан олдин Европа хавфсизлиги бўйича кенг келишувга эришишни истайди. Киев ва унинг европалик ҳамкорлари эса Россия билан бундай музокаралар Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳисобидан олиб борилишига қарши. Россиянинг Донбасс бўйича талаблари, Украинанинг эса ҳали назорат қилаётган ҳудудларини топширишдан бош тортиши муросага эришишдаги асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.
Мухтор Назиров (PhD),
Ўзбекистон халқаро Исломшунослик академияси доценти