Россия нега урушни тугатишга шошилмаяпти?

Россия ва Украина ўртасидаги тўқнашув узоққа чўзилган ва иккала томонни ҳам ҳолдан тойдиришга қаратилган урушга айланди. Кўпчилик кузатувчиларни бир савол ўйлантирмоқда: нега Россия жиддий иқтисодий ва инсоний йўқотишларга қарамай, урушни тезроқ тугатишга шошилмаяпти? Вазиятга холис назар ташланса, Москванинг бу ҳаракати шунчаки тўхтаб қолиш эмас, балки аниқ ҳисоб-китобларга таянган узоқ муддатли сабр стратегияси экани кўринади. Кремль шунчаки ҳозирги фронт чизиғини музлатиб қўйишни эмас, балки Ғарб билан муносабатларда ўзи учун қулай бўлган бутунлай янги қоидаларни ўрнатишни кўзламоқда.

Ҳарбий майдондаги вазият Москвани кутиш тактикаси ўзини оқламоқда деган фикрга ундамоқда. Россия демографик жиҳатдан ҳам, сафарбарлик имконияти бўйича ҳам Украинадан анча устун. Мамлакат ичида оммавий норозиликка сабаб бўладиган мажбурий сафарбарлик эълон қилинмасдан, катта миқдордаги бир марталик тўловлар ва юқори маошлар эвазига ихтиёрий равишда шартнома тузувчи ҳарбийлар ҳисобига сафни тўлдириш йўлга қўйилди. Артиллерия снарядлари, бошқарилувчи оғир авиабомбалар ва дронлар борасидаги миқдорий устунлик эса рус қўшинларига Донбассда секин бўлса-да, илгарилаш имконини бермоқда. Москванинг асосий мақсади тезкор ғалаба эмас, балки Украина армиясининг асосий кучларини тинкасини қуритиш ва унинг заҳираларини тугатишдан иборат.

Иккинчи муҳим омил – Россия иқтисодиётининг янги шароитга мослашиб олганидир. Дастлаб кутилган иқтисодий қулаш юз бермади; аксинча, мамлакат иқтисодиёти ҳарбий буюртмалар ҳисобига ҳаракатга келди. SIPRI халқаро тадқиқот маркази маълумотларига кўра, Россия мудофаа ва хавфсизлик учун ялпи ички маҳсулотининг қарийб 7-7,5 фоизини, яъни давлат бюджетининг учдан бир қисмини сарфламоқда. Нефть ва газни санкцияларни айланиб ўтувчи танкерлар орқали Хитой, Ҳиндистон ва Осиё мамлакатларига экспорт қилиш йўлга қўйилгани бюджетга пул оқимини таъминлаб турибди. Мудофаа корхоналарининг узлуксиз ишлаши ва ҳарбийларга тўланаётган катта маблағлар ҳудудлардаги аҳоли даромадини ошириб, ижтимоий норозиликни анча юмшатди. Гарчи бу ҳолат нарх-наво ўсишига олиб келиб, РФ Марказий банкини фоиз ставкаларини кескин оширишга мажбур қилаётган бўлса ҳам, иқтисодий тизим уруш юкини яна камида бир неча йил кўтара оладиган даражада мустаҳкам турибди.

Кремлнинг шошилмаслиги замирида Ғарб жамиятидаги толиқиш ва сиёсий беқарорликка бўлган қатъий ишонч ҳам ётибди. Вашингтон ва Европа пойтахтларида Украинага узлуксиз молиявий ва ҳарбий ёрдам бериш борасида келишмовчиликлар кучаймоқда. Россия бу борада ҳақ бўлиб чиқаётганини яқинда Абу-Дабида бошланган уч томонлама махфий учрашувлар ҳам тасдиқламоқда. The Washington Post нашри хабар қилганидек, АҚШ музокарачилари мулоқот кун тартибига нафақат урушни тўхтатиш, балки умуман Европа хавфсизлиги тизимини қайта кўриб чиқиш масаласини ҳам киритишга рози бўлган. Ғарб сиёсатчилари буни Москва учун кутилмаган “дастлабки ғалаба” деб атамоқда. Чунки Россия бошиданоқ уруш фақат Украина билан эмас, балки 1991 йилдан кейин НАТОнинг шарққа кенгайиши натижасида пайдо бўлган катта инқирознинг оқибати эканини даъво қилиб келаётган эди.

АҚШнинг бундай таклиф билан чиқиши Россиянинг нега шу пайтгача чекинмаганини янада равшан кўрсатади. Агар музокаралар шунчаки маҳаллий сулҳ билан чекланмай, катта давлатлар ўртасидаги таъсир доираларини қайта тақсимлаш бўйича йирик битимга айланса, Москва ўз шартларини – Украинанинг нейтрал мақоми, эгалланган ҳудудларнинг Россия ихтиёрида қолиши ва чегараларда Ғарб қуролларининг йўқлигини тўлиқ қабул қилдириш имкониятига эга бўлади. Европа Иттифоқи давлатларининг ўзларисиз бундай келишув тузилишидан хавотирга тушаётгани эса иттифоқчилар ўртасидаги парокандаликни янада оширади ва бу ҳам Россия фойдасига ишлайди.

Бундан ташқари, урушни тўхтатишга шошилмаслик Россия ички сиёсати билан ҳам бевосита боғлиқ. Мамлакат ичида бу уруш оддий ҳарбий ҳаракат эмас, балки “бутун Ғарбга қарши миллий омон қолиш кураши” сифатида талқин қилинмоқда. Бундай кайфиятда жамиятга аниқ ва катта ғалабасиз тузилган оддий сулҳни тушунтириш жуда мураккаб. Юз минглаб жанг кўрган, қурол тутган одамларнинг бирданига фуқаролик ҳаётига қайтиши ва ҳарбий корхоналар ишининг тўхташи кутилмаган ички муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳозирча ҳарбий ҳолат жамиятни ҳокимият атрофида жипслаштириш ва ички назоратни ушлаб туришнинг энг қулай воситаси бўлиб қолмоқда.

Аммо бу узоқ муддатли сабр стратегиясининг жиддий заиф томонлари ҳам бор. Уруш туфайли юзага келаётган инсоний йўқотишлар ва малакали ишчилар етишмовчилиги келажакдаги иқтисодий ривожланишга катта зарба бермоқда. Фуқаролик тармоқларида инвестициялар тўхтаб қолган, мамлакат технология ва бозорлар борасида Хитойга тобора кучлироқ қарам бўлиб бормоқда. Шу билан бирга, вақтнинг доим Россия фойдасига ишлаши ҳам кафолатланмаган: Украина дронларининг Россия ичкарисидаги нефтни қайта ишлаш заводлари ва ҳарбий базаларга уриши уруш баҳосини Россиянинг ўз ҳудудида ҳам кун сайин қимматга туширмоқда.

Айтиш мумкинки, Россиянинг урушни тугатишга шошилмаётгани шунчаки “қаҳр-ғазаб” ёки вазиятдан қочиш эмас, балки жуда совуққонлик билан тузилган режадир. Москва фронтдаги устунлик, ҳарбий иқтисодиёт ва Ғарбнинг чарчашини кутиш орқали музокаралар залига имкон қадар кучли позицияда кириб боришни мақсад қилган. Абу-Дабидаги янги музокаралар эса Кремлга ўзи истаган шартлар асосида катта геосиёсий битим тузиш имконияти туғилгунга қадар ҳарбий босимни сусайтирмаслик кайфиятини янада кучайтирмоқда.

Ўхшаш мақолалар

Фикр билдириш

Email манзилингиз чоп этилмайди. Мажбурий бандлар * билан белгиланган